Бугун Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида спортнинг триатлон тури бўйича ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионати — Ворлд Милитарй Триатҳлон Чампионшип мусобақасида муносиб иштирок этган гвардиячиларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Унда Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари полковник С.Мамаюсупов чемпионатда юксак натижалар қайд этган спортчиларимизни табриклаб, уларга пул мукофотларини топширди.
Мусобақа қаттиқ рақобат муҳитида ўтган бўлиб, унда Франция, Россия, Швейцария, Германия, Канада каби 13 давлатдан 120 дан зиёд ҳарбий спортчи иштирок этди.
Чемпионат дастуридан «Элите» ва «Сениор» тоифаларида якка тартибдаги баҳслар, шунингдек, аралаш эстафета (Михед Релай) ўрин олган. Спортчилар стандарт масофада — 750 метр сузиш, 19 км велоспорт ва 5 км югуришда ўзаро беллашишди.
Ўзбекистон жамоаси умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, Миллий гвардия вакили, Жамоат хавфсизлиги университети офицери, катта лейтенант Алина Ҳакимова иштирок этган аёллар терма жамоаси ҳам 3-ўринни қўлга киритди.
«Чалленге Самарканд-2025» мусобақасида абсолют ёш тоифасида ўтказилган якка тартибдаги баҳсларда Тошкент шаҳридан лейтенант Азамжон Қодиров 1-ўринни, Наманган вилоятидан эса оддий аскар Ойдина Икрамова 2-ўринни эгаллади.
Аралаш эстафетада Самарқанд вилоятидан катта лейтенант Дмитрий Зайсев бошчилигидаги Миллий гвардия жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Ушбу жамоа таркибидан Фарғона вилоятидан сержант Сардор Нурматов ва Жиззах вилоятидан сержант Миржалол Тоштемиров ўрин олди.
Гвардиячи сафдошларимизни ғалаба билан муборакбод этамиз ва уларга келгусида ҳам зафарлар ва спортда улкан ютуқлар тилаймиз!
Бўлишмоқ: