Давлатимиз раҳбарининг "Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш сҳора-тадЬирлари тўғрисида" 2021 йил 5 августдаги ПҚ-5212-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида "Ўзбекистон отлари" кўргазмасини ўтказишга тайёргарлик коъриш ва уни учқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ, сайёҳлик йўналиши бўйича от спорти турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда миллий маданият ва анъаналарни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур вазифаларнинг амалий ижроси юзасидан, бугун, 10 сентябрь куни Миллий гвардия қўмондони ўринбосари С.Мамаюсупов раислигида, Ўзбекистон Йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Б.Газиев, Ўзбекистон поло федерацияси раиси A.Рустамбаев, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамда республика бўйлаб Чавандозлар мактаблари директорлари, шунингдек соҳага оид мутасадди раҳбарлар иштирокида видеоселектор тарзидаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни кириш сўз билан очиб берган Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан Давлатимиз раҳбари томонидан тарихий мерос сифатида эътироф этилган ва халқимизнинг маданий-маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаган Қорабайир зотли отлар миллий меросимизнинг ажралмас қисми ҳисобланиши ва ана шу бой меросни асраш, тарғиб қилиш ва келажак авлодга етказиш мақсадида Миллий гвардия ташаббуси билан Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида жойлашган Миллий гвардия Қорабайир отчилик мажмуасида “Ўзбекистон отлари” нуфузли кўргазмасининг юксак савияда ташкил этилиши бўйича барча масалалар кўриб чиқилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Мазкур кўргазма мамлакатимизда от етиштириш, от спорти, отбоқар маданияти ва миллий меросни тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир. Унда Ўзбекистон ҳудудида асрлар давомида шаклланган ва бугунги кунда қайта тикланаётган Қорабайир, Локай, Хоразм, Қўқон, шунингдек, Ахалтеке, араб, инглиз ва бошқа нуфузли зотдаги отлар намойиш этилиши режалаштирилган.
Кўргазманинг асосий мақсади – миллий от зоти ва от спорти меросимизни халқаро миқёсда танитиш, ёш авлодни отларга бўлган меҳр ва эътибор руҳида тарбиялаш, ҳамда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишдан иборатлиги, кўргазма доирасида улок-кўпкари, от устида кураш, от устида камондан отиш, от пойгаси, поло, тентпеггинг, ҳамда бошқа миллий кўргазмали чиқишлар намойиш этилиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Кўргазмага хорижий сайёҳлар, ва спорт делегацияларини кенг жалб этиш режалаштирилган бўлиб, бу орқали туризм оқимини ошириш ва Ўзбекистоннинг халқаро имижини мустаҳкамлаш кўзда тутилди.
Ушбу нуфузли “Ўзбекистон отлари” кўргазмаси нафақат от спорти ва селекция нуқтаи назаридан муҳим, балки миллий ўзликни англаш, анъанавий билимларни асраш, ва Ўзбекистонни от юрти сифатида халқаро миқёсда танитиш йўлида катта тарихий аҳамиятга эга бўлади.
Мазкур ташаббуслар нафақат миллий меросимизни тиклаш, балки уни замонавий спорт майдонларига олиб чиқиш, халқаро миқёсда танитиш ва ёш авлодни тарихий илдизларига меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Яқин истиқболда бу ҳаракатлар натижасида мамлакатимизда от спорти кенг оммалашиб, халқаро мусобақаларда ҳам муносиб натижалар кўрсатишга эришилади, деган ишонч билдирилди.
Бўлишмоқ: