Давлатимиз раҳбарининг "Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ "Чавандозлар мактаблари имкониятларидан туризмни ривожлантириш йўналишида унумли фойдаланишда Чавандозлар мактабларини туристлар ташриф буюрадиган масканга айлантириш" белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Буюк Британиядаги «Ўзбекистон» туризм бренди элчиси S.Ibbotson ва Британия сайёҳлик компанияси “Ҳалал травел Гуиде” билан ҳамкорлигида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини Буюк Британияда кенг тарғиб этиш мақсадида Мусулмон скаутлар ассоциацияси вакилларининг “Тҳе Голден Аге Адвентуре ин Узбекистан” дастурига кўра ташкиллаштирилган ташриф доирасида туристлар бугун, 25 август куни пойтахтимизда жойлашган Миллий гвардия Чавандозлар мактабига ташриф буюришди.
Улар мактаб фаолияти, миллий от спорти, чавандозлик санъати ва спортнинг камондан отиш тури билан яқиндан танишишди. Ташриф давомида туристларга чавандозлар томонидан кўргазмали чиқишлар, камондан отиш бўйича мерганлик қобилияталарини синовдан ўтказиш жараёнлари намойиши ташкил этилди.
Мазкур тадбир Чавандозлар мактабларини нафақат спорт, балки маданий-туристик маскан сифатида ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, хорижий сайёҳлар учун Ўзбекистоннинг бой маданий меросини очиб беришга хизмат қилади.
Шунингдек, “Ҳалал Травел Гуиде” компанияси вакиллари келгусида Ўзбекистонга мўлжалланган туризм йўналишларини кенгайтириш, айниқса, от спорти асосидаги тажриба турларини яратиш режалари борлигини билдиришди.
Бу ташриф Миллий гвардия Чавандозлар мактабларининг туризм инфратузилмасида тутган ўрнини мустаҳкамлаш, хорижий сайёҳлар оқимини ошириш ва мамлакатимизнинг халқаро имиджини юксалтиришга хизмат қилади.
Бўлишмоқ: