Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларда юртга муҳаббатни мустаҳкамлаш мақсадида, Сирдарё вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан Гулистон шаҳрида жойлашган “Буюк Турон” ҳарбий мактаби ҳамда мактаб ўқувчи-ёшлари учун “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахридир!” шиори остида ташкил этилди.
Ташриф буюрган ёшлар Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Гвардиячилар томонидан юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ҳарбий ислоҳотлар, мамлакатимизда ватанпарварлик руҳини янада мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом ва маънан етук ёш авлодни тарбиялаш борасидаги сайи-ҳаракатлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Учрашув давомида ёшларга қурол-аслаҳа ва техникалар кўргазмалари тақдим этилиб, камондан ўқ отиш бўйича ҳам ўзларини синовдан ўтказдилар.
Тадбир давомида ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларни бериш имкониятига эга бўлиб, улар миллий армияда хизмат қилиш шарафли вазифа эканлигини чуқур англади.
Ушбу “Очиқ эшиклар куни” тадбири ёшлар ўртасида Миллий гвардиянинг ижтимоий аҳамияти ва ҳарбий хизматнинг шарафли жиҳатларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилиб, уларнинг Ватан ҳимоясига бўлган қизиқиши ва иштиёқини оширишда муҳим омил бўлди.
Бўлишмоқ: