Миллий гвардия тизимида хизмат олиб бораётган шахсий таркибнинг руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш, уларни психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда Миллий гвардия Марказий девони, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бўйича бошқармалар, ҳарбий қисмлар, Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда ЗООМ платформаси орқали ҳудудий бошқармалар ва ҳарбий қисмлардан мутахассис психологлар иштирок этди.
Тадбир меҳмони сифатида таклиф этилган Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети Амалий психология кафедраси доценти, "Психосфера" амалий психология маркази директори, ПҳД С.Йўлдашев томонидан гвардиячиларни психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизими, психологга мурожаат қилиш имкониятлари, шунингдек, Пиктограмма методикаси ҳақида тушунчалар берилди.
Семинар-тренинг якунида иштирокчилар бундай тадбирлар амалий фойда бериши, гвардиячиларнинг руҳий барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутиши ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Шунингдек, келгусида бундай психологик тадбирлар сонини янада ошириш таклифи ҳам илгари сурилди.
Бўлишмоқ: