Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи – бу нафақат тарихий жой, балки миллий хотира, ватанпарварлик ва жасорат тимсоли. Айнан мана шу муқаддас масканда бугун, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ишчи-хизматчилари учун навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, Шаҳидлар хотираси жамоат фонди раиси, Республика Ўзбекистон тарихчилар жамияти раиси, Тарих фанлари доктори профессор, Турон фанлари академияси академиги B.Xasanov иштирокчиларга ўзбек халқининг озодлик ва эркинлик йўлида олиб борган мардона курашлари, тарихни унутмаслик, мустақиллик йўлидаги оғир синовлар, тарих саҳифаларида унутилмас из қолдирган фидокор инсонлар жасорати ҳақида тўхталиб, бундай тарихий ҳақиқатлар ҳақида ҳаяжонли фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, бугунги авлоднинг зиммасида муқаддас Ватан олдидаги бурчни сидқидилдан адо этиш, тарихни унутмаслик, жасур аждодларимизга муносиб бўлиш, уларга эргашиб, юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишдек муҳим масъулият борлигини қайд этди. Ватанга садоқат, миллий ғурур, ўзлигини англаш ва мустақиллик туйғулари ҳар биримизнинг қалбимизда мустаҳкам жой олиши кераклиги алоҳида урғуланди.
Бу каби ташаббуслар ҳарбийларнинг маънавий дунёсини бойитишда, уларнинг Ватанга бўлган садоқатини янада мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамияти катта экани таъкидланди.
Бўлишмоқ: