«Отам, онам ва Мен спортчи оила» шиори остида спорт мусобақаси ўтказилди

25.Авг.2025

Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги тадбирлар жойларда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” деган эзгу ғоя асосида кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари, концерт дастурлари кўринишида ташкил этилмоқда. Пойтахтимиздаги Миллий гвардия бўлинмаларида хизмат қилаётган гвардиячилар оила аъзолари ўртасида ўтказилган «Отам, онам ва Мен спортчи оила» шиори остида ўтказилган спорт мусобақаси ҳам шулар жумласидан ҳисобланади.

Миллий гвардия Тошкент шаҳар Чавандозлар мактаби ҳудудида гвардиячилар оилавий жамоалари ўртасида «Отам, онам ва Мен спортчи оила» шиори остида спорт мусобақаси ўтказилди. Бундан кўзланган асосий мақсад шахсий таркибнинг оила аъзоларини жисмоний салоҳиятини ривожлантириш ва оилаларидаги соғлом муҳитни яратиш, спортни кундалик ҳаётда оммалаштиришдан иборатдир.

Мусобақада ҳар томонлама салоҳиятли ҳарбий оила бўла олган 10-12 йиллик оилавий ҳаёт тажрибасига эга 7 та оилавий жамоалар 12 - 14 ёш оралиғидаги 2 нафар фарзандлари ўз оилавий кийими ҳамда кўкрак нишони билан қатнашишди. 

Мусобақа 4 та шарт бўйича ўтказилди. Дастлабки шартда иштирокчилар отда манеж бўйлаб тўсиқлар оралаб одимлаб юриш машқларини бажаришди. Сўнгра оилавий тарзда Камондан отиш спорти бўйича маҳоратларини синовдан ўтказишди. Қараб теп, Велосипедда учиш, арқон сакраш шартлари ҳам жуда қизғин ўтди. Охирги Эстафета шарти жамоаларнинг кучли томонини кўрсатиб берди. Ушбу шартда иштирокчи оила аъзолари турли тўсиқлардан чаққонлик ва эпчиллик билан маррани босиб ўтишди.

Мусобақани шаффофлигини таъминлаш учун ҳар бир шартни Камондан отиш ва От спорти федерациялари малакали мутахассислари ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази, Хотин қизлар қўмитаси мутасаддилари кузатиб боришиб, баҳолашди.

Албатта барча мусобақаларда бўлгани каби ушбу тадбирда ҳам ғолиблар аниқланди. Биринчи ўринни «Қалқон» жамоаси, 2-ўринни “Ёш спортчи”лар жамоаси ва 3-ўринни «Лидерлар» ҳамда «Жасорат» жамоалари эгаллади ва улар ташкилотчилар томонидан эътироф этилди.

Шунингдек, мусобақа иштирокчилари қуйидаги «Энг аҳил ҳарбийларнинг оиласи», «Энг чаққон ҳарбийларнинг оиласи», «Мухлислар меҳрини қозонган ҳарбийларнинг оиласи», «Энг эпчил ҳарбийларнинг оиласи» номинациялари бўйича ҳам рағбатлантирилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech